Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ота-оналарни огоҳликка чақирди

  • Asosiy
  • Yangiliklar
  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ота-оналарни огоҳликка чақирди

Айни пайтда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари учун қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бироқ ана шу жараёндан унумли фойдаланиб қолиш мақсадида пул эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилаётган шахслар ҳам учрамоқда.

Яқинда Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда республика Бош прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, фуқаро М.О. фуқаро А.нинг ишончига кириб, унинг жиянини ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ТДЮУга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг АҚШ доллари сўраган.
Бундан сал аввал Тошкент давлат ирригация ва мелиорация институтига ўқишга киритиш учун 5 минг доллар сўраган шахс, Фарғонада Кореядаги университетга имтиҳонсиз киритиб қўйишни ваъда қилиб, мактаб ўқувчиларидан жами 20 миллион сўм олган шахслар, Ангренда 3,5 минг доллар эвазига Жисмоний тарбия университетига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс ушланган.

Шундай ҳаракатларга дуч келсангиз, 1003, (71) 207-03-41, (71) 246-38-57 телефон рақамлари, anticor@edu.uz электрон (https://uza.uz/uz/posts/anticor@edu.uz) манзилига ёки @EduAntiCorruptionBot (https://uza.uz/uz/posts/@EduAntiCorruptionBot) телеграм ботига хабар қолдиринг.