Хива – музей-шаҳар, лекин Рим шаҳри каби Ичанқалъада аҳоли яшаб турибди, у бино ва иншоотлар, очиқ ҳаводаги бутун бир шаҳар бутун ҳолида сақланиб қолган дунёдаги саноқли шаҳарлардан бири.
Биз кирган Ичанқалъа меъморчилик музейидаги бир қаватли Жума масжиди биносининг гумбазлари ва думалоқ аркалари йўқ, у X-XII асрларида яратилган 213 дона ёғоч нақшинкор устунларга таянадиган ясси томли улкан зални эслатади. Бизни ҳайратга солгани,пандемия эмасми, Ичанқалъадаги минг йиллик намозгоҳда дим сокинлик, осойишталик ҳукмрон. Азиз авлиёлар руҳи кезиб юрибди, гўё. Устунлар атрофини айланар эканмиз, бундан узоқ асрлар бурун шу ерга жойнамоз ташлаб ибодат қилган хоразмликларнинг анъаналари ва дабдабали кунлари кўз ўнгимиздан бир-бир ўтди. Бу ҳақда буюк аллома Абу Райҳон Беруний «Қадим халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида кўп ва хўп ёзган...Аммо бадиий адабиёт, ўлмас шеърият, ҳатто хонларнинг ғазаллари, Хоразм таржима мактабининг довруғи ҳозирги замонгача етиб келган– Огаҳий, Мунис, Паҳлавон Маҳмуд шеърияти қалбларга кўчган.
Галактика умри билан солиштирганда,инсон умри 4 секундга борадиган дунёда бари ўткинчи, шамолдек ўтиб кетгувчи. Ана,қадим масжиддаги ёғоч устунлар ҳам термитларга ем бўлаётир...
Ўтмиш ва бугун воқеаларини, одамларнинг яшаш тарзи, янги ўзгаришларни таҳлил этиш ва қиёслаш бугунги давр кишиларига яхши хулосалар чиқаришга имкон беради.Урганчга қайтишда қизиқиш ила Хивадаги Президент мактабига ҳам кирдик. Ичкарига қадам қўйган заҳоти ўзгача муҳит, назар ва қарашларга дуч келасиз. «Буюк хоразмийларнинг янги авлодини етиштирувчи ўқув даргоҳи бўлибди», деган фикр ўтди кўнглимдан. Фарзанду аржумандларимиз бир куни нуфузли даргоҳларда ўқишини орзулаб, мактабнинг аудитория, ётоқхона, кутубхона, сув ҳавзаси ва шинам қаватларида жойлашган кабинетлар, лабораториялар билан эринмай танишдик. Мактаб раҳбари, 30 ёшлардаги Руфат Аминов бир неча тилларни, она юрт тарихи ва адабиётини, ўқитиладиган фанларнинг чексиз имкониятини билади. Президент мактаблари давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги «Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги» ги ПҚ-4199 сонли қарори асосида ташкил этилган.Ушбу олиймақом мактабларда иқтидорли ёшлар «STEAM-таълим»га йўналтирилган бўлиб, улар халқаро тан олинган Кембридж халқаро таълим дастурлари асосида таълим оладилар.Битирувчиларга шаҳодатнома, аттестат билан бирга, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасаларига кириш имконини тақдим этувчи Кембридж Халқаро сертификатлари (Cambridge International AS & A level) топширилар экан. Кембридж таълим дастурлари таълим олувчиларда чуқур фан мазмуни билан бирга, XXI аср кўникмалари – мустақил, мантиқий ва танқидий фикрлаш, билимларни амалиётда қўллаш, маълумотларни таҳлил қилиш ва натижаларни барчага тушунарли тильда етказиш кўникма-малакаларини шакллантиришга йўналтирилган. 160 дан зиёд давлатларда 1 миллионга яқин ўқувчилар шу дастурлар бўйича таълим олади.
Ўша куни хушхабарнинг устидан чиқдик: 11-синф ўқувчилари Муҳаммаджон Сейдматов, Қодирбек Отаев, Исломбек Арслонов, Рўзматбой Ғойибназаровлар АҚШнинг Хавиер университетига (ҳар бирига $88000 грант), Чаросхон Ўктамбоева АҚШнинг Буффало университетига, Шаҳриёр Шернафасов Швейцариянинг Франклин университетига, Мустафо Саъдуллаев Манчестер университетига қабул қилиниб, таҳсил олиш учун грант соҳибига айланишибди. 23 январь куни иқтидорли ўқувчи Мадина Саъдуллаева «СEАМО Х 2021» Халқаро математика Олимпиадасининг бронза медалини қўлга киритибди. Мактабнинг ИЕЛТС бўйича мураббийи Сатторбек Йўлдошевнинг қайд этишича, битирувчилар босқичма-босқич ИЕЛТС (Интернатионал Энглиш Лангуаге Тестинг Сийстем)га жалб қилиб борилмоқда. Навбатдаги босқичда Барно Рустамова - 8 балл, Сарварбек Сопорбоев - 7.5 балл, Умидбек Искендеров - 7.5 балл, Раъно Матқурбонова - 7 балл, Рустам Қодиров - 7 балл натижага эришибди.
🇺🇿_4979, [30.03.21 18:34]
Президент мактаблари таълим жараёнига 40 та хорижлик ўқитувчилар жалб қилинибди. Ричард Пашковски мактабнинг академик директори. Ёши етмишдан ошган, ўзига ярашиқ соқол қўйган канадалик ҳаракатчан, кўзлари тийрак, синчковкиши экан. Инглиз, француз тилларини билгувчи устоз бирнеча йиллар Хитой, Ҳиндистон ва Бразилиядаги “Offshore Schools” директори ва таълим маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Чой устида бир соатча суҳбат қурдик. Р.Пашковски ишонч билан: «Хоразмлик болалар ўта истеъдодли, меҳнаткаш, зийрак, бир тушунтирганда илғаб оладиган. Истеъдодларга имконият ва шароитни шундай яратилгудек бўлса, илм-фан бобида Хоразмий авлодлари яна дунёни забт этади!», деганида ичимиздан қувондик.
Юртбошининг сафари
Биз қадимий заминга қадам қўйишимиздан сал олдин, 2020 йилнинг декабрь ойида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташриф буюрган эди. Ташрифдан кўзланган мақсад – ислоҳотларнинг маҳаллабай тизимда йўлга қўйилганини, одамлар ҳаётидаги ифодасини кўриш, навбатдаги режаларни белгилаш эди.Ташриф хроникаси учрашувлар ва воқеаларга бой бўлди, дейиш мумкин. 205 млрд. сўмдан зиёд маблағ эвазига ташкил этилган Хонқадаги инновацион иссиқхонада бешинчи авлод технологиялари қўлланилганини кўргач, мазкур тажрибани кенг жорий этиш муҳимлиги таъкидланди. «Бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб масала бўлиб боряпти. Ташқи бозор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мавсумий эмас, йил давомида етказиб беришни талаб қилади», деди Шавкат Мирзиёев.
Албатта, бу борада хонқаликларнинг ташаббускорлиги ва уддабурролигига тан бермай иложимиз йўқ. Хонқа туман ИИБ бошлиғи А.Матчанов раҳбарлигидаги 3-секторга қарашли идора раҳбарлари билан Хонқа педагогика ва спорт коллежида январь ойи ўрталарида бўлиб ўтган учрашувда маълум бўлдики, хонқаликлар йўқдан бор қиладиган, қонида тадбиркорлик оқадиган кишилар экан.
Давлатимиз раҳбари Янгиариқ туманидаги “Yantex Invest” МЧЖ фаолияти билан танишув чоғида маҳаллабай ишлаш бўйича янги тизимни йўлга қўйиш масаласини ўртага ташлади.
Ислоҳотчи маҳалла раислари кўпаяди
Бу ажойиб ғоя ташриф давомида биринчи марта илгари сурилди. Хоразм фаоллари ва тармоқлар мутасаддилари иштирокидаги йиғилишда давлатимиз раҳбари «маҳалла раиси – ислоҳотчи» тамойили асосида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий этилишини эълон қилди. Гарчи пандемия жамият иқтисодий ҳаётида оғир асоратлар қолдирган бўлса-да, бундай тажриба МДҲ мамлакатларидан фақат Ўзбекистонда қўлланилмоқда.»Темир дафтар»ни жорий этишдан мақсад эҳтиёжманд аҳоли қисмини тўғри аниқлаш эди. Юртбошимиз парламентга Мурожаатномасида жамиятда тўпланиб қолган ижтимоий муаммоларга яна тўхталиб, 2021 йилдан «Ижтимоий реестр»юритилишини таъкидлаб ўтди. «Барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт», дейилди Мурожаатда.
🇺🇿_4979, [30.03.21 18:34]
Вилоят бўйлаб сафарда Ичанқалъадан Тупроққалъагача кезганимизда юқоридаги ташаббусдан сўнг, маҳалла одамларида ишонч туйғулари ниш ургани, ўзаро мулоқотда ортиқча дабдабабозликдан қочиб, ҳаётга яқинлашиш, ижтимоий фаолликка юз бурилгани очиқ сезилди. Давлат оғир дамларда ёрдамини аямаганидек, одамлар ҳам бир-бирига суянчиқ, ҳамдард бўлиб бораётгани менда ажиб таассурот қолдирди. Биз кўпроқ суҳбатга тортган аёллар ва ёшлар фаоллашганини берилган аниқ саволларидан билсак бўларди. Ҳазорасп туманида «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси ишга туширилгани, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани, тадбиркорлар томонидан тикувчилик корхоналари ташкил этилаётгани бизларни, албатта, қувонтирди. Республика шошилинч тиббий ёрдам Хоразм филиалига борганимизда эллик ёшлардаги шифокор Наргиза Атажонова ёнимга келиб: «Коронавирус элимиздан бепарволик касалини аритди, одамларнинг қарашлари ўзгариб, бирмунча жиддий ва вазмин, соғлиғига ҳам эътиборли бўлдилар», деди. Ёвуз касалликни бошдан ўтказганим боис, тожсимонвирус инсонга ҳаёт ва ўлим нақадар яқин эканлигини эслатганини ҳис қила бошлагандим. Шу боис,пандемия кунларида уч қаватли тиббий кийимларни кийганча, юзлаб хоразмликларни ўлимдан асраган шифокор аёлга халқ олдида миннатдорчилик изҳор қилдик: «Сиз бизнинг халоскоримиз бўлдингиз».
Одамлар орасида
Очиғини айтиш лозимки, янгиланаётган Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида 2020 йилдаги синовли кунлардан кейин одамларда жонланиш, ҳамфикрлилик, маслакдошлик ўзаро ришталари боғланди. назаримда. Аҳоли билан бўлган маънавий учрашувларда буни қалбдан ҳис этдик. Боғотнинг Бешариқ қишлоғида “Xоразм текстиль» маcъулияти чекланган жамияти корхонаси жойлашган. Иш бошқарувчи Қуронбой оға Содиқов Самарқанд архитектура-қурилиши институтини тугаллаган, кейин тадбиркорликка қўл урган.Бундан саккиз йил муқаддам, 2012 йил охирида қурилиши тугалланмаган тўқимачилик фабрикасини 10,5 миллиард сўмлик инвестиция киритиш ва янгидан 200 та янги иш ўрни яратиш шарти билан тадбиркор ютиб олибди. Лойиҳа учта босқичи бўлиб, биринчи босқичда 12000 м.кв. ишлаб чиқариш майдони 2014 йил 1 декабрда ишга туширилиб, 200 та янги иш ўрни яратилган. Швейцариянинг»Rieter Machine Works LTD” фирмасининг замонавий дастгоҳ ва ускуналари олиб келинган. Иккинчи босқичда «Мarzoli”, “Tomsic” (Италия), “Murata” (Япония) компаниялари билан шартномалар тузилиб, ишлаб чиқариш дастгоҳлари ва лаборатория асбоб-ускуналари келтирилибди. 2019 йил ноябрь ойидан маҳсулот ишлаб чиқаришга киришганда яна 400 нафар ишчи ишга қабул қилинган.
«Келгуси режалар билан ўртоқлашсангиз», деган саволимизга корхона директори Сарвар Нурметов шундай жавоб берди: “Xоrazm tex” 177 та фермер хўжаликлари билан контрактация шартномасини тузган бўлиб, 31440 тонна пахта етиштириш прогнозини 33619 тоннага ёки 106,9 фоизга бажарган. Корхона Хонқа пахта тозалаш заводини сотиб олганидан кейин шу туманда яна 320 нафар ишчи ўрни пайдо бўлди. Ҳозирги кунда ип-калава фабрикамизда 600 нафар, пахта тозалаш заводида 320 нафар, жами 920 нафар ишчи-хизматчи ишлаб келмоқда. Корхонада иш 3 сменада ташкил қилинган. Ишчи хизматчилар учун иссиқ овқат тўлиқ таъминланган ва автобус қатнови йўлга қўйилган. Қувонарли жиҳати шуки, 2020 йилда жамият томонидан 11 млн. 706 минг АҚШ долларлик маҳсулот Россия, Хитой ва Туркия давлатларига экспорт қилинди. Корхонада 10 турдаги, жумладан, пахта толаси, чигит, уруғлик чигит, момиқ, паҳмоқ, ип, йигирилган ип калава ва бошқалар ишлаб чиқарилади. Учинчи босқич ишлари тугаллангудек бўлса, 2021 йилнинг ўзида Боғот туманида 10 млн. белбоғ-метр хом сурп маҳсулоти ишлаб чиқарадиган тўқимачилик фабрикаси ишга тушади. Унда 350 нафар нафар ишчи қабул қилинади. Маҳсулотнинг 80 фоизи экспорт қилинади».
🇺🇿_4979, [30.03.21 18:34]
Ип-калава цехлари оралаб айланганимиздан кейин ишчи-хизматчилар билан дилкаш учрашув ўтказилди. Суҳбатда яхши англадикки, ёшлар бугунги кундаги ислоҳотларга бефарқ эмас. Замонавий технологияни ўзига бўйсундирган йигит-қизларнинг ўзига ишончи юзи ва кўзларидан балқиб турибди. Ўртага ташланган таклиф ва фикрларни эшитгач, корхона раҳбарлари навбатдаги ташрифимизгача ишчиларни билим ва тажрибасини ошириш учун ўқишга юборишларини таъкидлашди.
Биз вилоятдаги бирқатор корхоналарда бўлиб, ишчиларнинг шарт-шароити ва имконияти билан қизиқдик. Ҳамма жойда ютуқларнинг бош сабабкори раҳбар эканлигига ичимизда амин бўлдик. «Шовот текстиль» АЖ(Элёр Душамов), «Боғот дон» АЖ (Хушнуд Ғафуров) ва бирнеча таниқли корхоналарга ишбилармон кишиларнинг тўғри танланиши эвазига ишлар ўз маромида кетмоқда, режалар ўз вақтида бажарилмоқда. Айниқса, 87 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарадиган Урганчдаги Технопарк (кийим-кечак ва металлдан турли маҳсулот тайёрлайди)нинг имконияти ва «ҳайбати» Тошкентникидан қолишмайди. “UzXCMG” заводи эса Хоразм саноат индустриясига карвонбоши бўлишидан умидвормиз. Ушбу корхоналарда туну кун иш қизғин паллада, чунки топшириқни бажаришмаса бўлмайди...
Намуна бўлгилик тиббиёт ўқув даргоҳи
Урганчда 2000 йилларда «Жайхун» номли машҳур меҳмонхона бўларди. Бир муддат,шинам бу маскан талотўп ичида эгасиз бўлиб қолганида, кимнингдир ишораси туфайли ёпилиш арафасига келиб қолган Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалининг ёрқин келажагини кўра олган Юртбошимиз мазкур бинони филиал учун ажратиб, талабаларнинг назарияни амалиёт билан боғлаб олиб боришларини таъминлаш учун клиника қурилишига ҳам рухсат бердилар. Шу воқеадан кейин ишлар жонланиб кетди. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, илмли, ташкилотчи йигит Баҳром Юлдашев бизни конференц-зал, лабораториялар, аудиториялар, клиника бўлимлари бўйлаб айлантириб, янги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди:
–Адолатли қарор жамоамизни руҳлантириб юборди, биз икки ҳисса ишни бажаришга эришдик,– деди Б. Юлдашев.– Илмий салоҳият, замонавий шароитлар, кенг имкониятлар мавжудлиги туфайли тез фурсат ичида тиббиёт соҳасидаги 7 та таълим йўналиши, Россия Федерацияси билан ҳамкорликда 3 та таълим йўналишида талабалар ўқитилиши йўлга қўйилди.14.00.05-«Ички касалликлар» ихтисослиги бўйича илмий кенгаш тузилди. Ҳиндистон, Россия, Покистон, Афғонистон, Танзания, Қирғизистон, Туркманистондан 300 нафардан зиёд талаба келиб таҳсил олмоқда. Чет эллик ва Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан келиб ўқиётган талабалар шу бинонинг ўзидаги ётоқхонада жойлашган. Хориж талабаларининг филиалимизга келиб ўқишлари республикамиз нуфузининг ортишига олиб келса, инвестицияларнинг жалб қилиниши эса филиалимиз моддий-техник базасини ривожлантиришга хизмат қилади.
Биз залда йиғилган профессор-ўқитувчилар билан Ўзбекистонда бўлаётган бунёдкорлик ишлари, Юртбошимизнинг парламентга Мурожаатлари, филиалда устоз-шогирд анъанаси узвийлиги борасида қарийб икки соатча суҳбат қурар эканмиз, ёшларнинг даврга ҳамоҳанг қарашлари, билимдонлигини, ўқув даргоҳида шаклланган тоза ижодий муҳит ва ички батартибликни кўргандай бўлдик. Энг муҳим кўрсаткич шуки,филиал коррупциясиз ўқув даргоҳи бўлишга интилмоқда. Бу борада ибратли ишлардан бири,тамаъгирлик йўлига кириш аноним сўровлар натижасида ишдан озод қилинишга олиб келиши тўғрисида барча профессор-ўқитувчилар огоҳлантирилгандан кейин самара келтиргани айтилди.
🇺🇿_4979, [30.03.21 18:34]
–Мустақил, намунали институт бўлишга ҳаракат қилмоқдамиз,–дейди филиал раҳбари, профессор Рашид Рўзибоев.–Филиалда Қозон федерал университети билан қўшма дастур асосида «Тиббий биология» (3+3), Приволжск тадқиқот тиббиёт университети билан «Даволаш иши» (3+3), «Фармация» (3+2) таълим йўналишлари бўйича талабалар ўқитилиши йўлга қўйилган. Истанбул ва Анқара Медипол университетлари (Туркия) билан «Тиббиётда менежмент» ва «Стоматология» йўналишида қўшма таълим дастурлари очиш бўйича меморандум имзоланиб, тегишли ишлар олиб борилмоқда. Келгусида IT медик (Қозоғистон), Оилавий шифокорлар (Украина), Косметология ва хирургия (қўшма магистратура, Туркия), Халқ табобати (Ҳиндистон) йўналишларида қўшма дастурлар ташкил қилиниши режалаштирилган. Жами 12 та йўналиш бўйича малака ошириш курслари ва қайта тайёрлаш дастурларини ишга туширмоқчимиз.
Ўқув даргоҳи жамоаси қисқагина вақтда анча ташаббускорлик ишларини амалга оширишибди. Демак, филиални ёпиш эмас, балки янада кучайтириш ва дунё миқёсига олиб чиқиш керакбўлибди. 2020 йилда филиал талабаларидан 1 талаба Зулфия мукофоти, 1 талаба Ибн Сино номли, 1 талаба Ислом Каримов номли давлат стипендиати, 2 нафар талаба халқаро танловларда 1 ўринни, 9 талаба халқаро, 4 талаба республика онлайн фан олимпиадаларида юқори ўринни эгаллабди.
Ўша кунги учрашувдан кейин Шовот, Боғот, Ҳазорасп, Тупроққалъадаги тиббиёт бирлашмаларида бўлганимизда, филиал профессор-ўқитувчиларнинг тиббиёт соҳаларида ҳам, маърифий ишларда ҳам, сиёсатда ҳам пойтахтдагилардан кам эмаслигини ўз кўзимиз билан кўриб, вилоят таълим даргоҳларида ҳам замонга мос зиёлилар қатлами етишиб келаётганига амин бўлдик.
Тупроққалъа – саноат туманига айланди
Тупроққалъадан Урганчга 250 км., туман марказигача 170 км.ни ташкил этиши кўпгина оворагарчиликларга сабаб бўлаётгани ҳақида юқорига ёзишмалар кўпая борди. Чиндан ҳам, аҳолининг яшаш ва турмуш тарзи оғир аҳволга тушиб, уйлар ва йўллар таъмирталаб, ичимлик суви муаммолари йиғилган, ижтимоий соҳа объектлари ачинарли ҳолга келиб қолган эди. Президентимизнинг 2020 йил 12-13 март кунлари Хоразмга ташрифи давомида янги туман ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватланди. 24 мартда Тупроққала тумани ташкил этилиб, маъмурий ҳудуд бирлиги белгиланди. 2020 йил 11 апрелда «Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президентимизнинг қарори асосида Республика комиссияси тузилиб, барча ташкилий масалалар ҳал этилди. Туманда ишлаб чиқариш ресурсларидан унумли фойдаланиш, меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш, ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 июндаги 346-сонли қарори қабул қилинди. Бу далилларни келтиришдан мақсад Юртбошимизнинг муаммоларни оқиллик ва тезкорлик билан ечиш мумкинлигини исботладилар. Қарабсизки, бу ҳудуд аҳолиси ҳаётида янги, бунёдкорлик даври бошланиб кетди. Ҳозирда аҳоли сони 55 минг нафардан ошади.
–Яна бир оқилона ечим: «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонасида белгиланган имтиёзларнинг ҳудуд учун сақланиб қолиши туман ривожланишига асос бўлди,–дейди биз билан суҳбатда туман ҳокими Алишер Салаев.
Айрим маҳаллаларда бўлганимизда, одамларнинг кайфиятини кўриб қувондик. Олти ойда йўллар асфальт қилиниб, қишлоқларга тоза ичимлик сувини келтиришга 50 млрд. сўм сарфланибди. Биз Питнак шаҳри ва бугунги Тупроққалъа қишлоқларини то Туркманистон чегарасигача ўтиб борганимизда, ҳали иш бошлаган объектларга кўзимиз тушди. Апрель ойига келиб, учта саноат корхонасида янги линиялар ишга туширилиши воқеа бўлади. DAMAS машинаси чиқарадиган “UzAuto Motors” АЖ Хоразм вилояти филиалида янги «Пресс» цехи (200 нафар ишчи), “Future Industry System” МЧЖда двигателлар ишлаб чиқариш (200 нафар ишчи), “NEW BEST STYLE” МЧЖ да гул қоғоз (50) маҳсулотлари, туманда эса 2021 йилнинг ўзида 5018,0 млрд. сўмлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
🇺🇿_4979, [30.03.21 18:34]
Вилоятдаги ислоҳотлар ижроси Президентимизнинг доимий назоратида турибди. Куни кеча селектор йиғилишида ҳар бир вилоят ҳокими маҳаллий бюджет ҳисобидан 100 нафар, ҳар бир олийгоҳ эса 30-50 нафардан хотин-қизларнинг контракт́ини тўлаб беришга масъул бўлишади, дейилиши ислоҳотларнинг амалий ечими учун куч-қанот бўлди. Демак, 5000 дан зиёд ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларга давлатимиз инсонпарварлик ва ҳомийлик кўмагини бермоқчи. Ажойиб ташаббус!
Хоразмда ҳам энг режадаги тадбирлар шуки, «Ҳар бир оила–тадбиркор», ҳунармандчиликни ривожлантириш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш дастурлари, маҳаллабай тизими чекка туманларда ишга тушгач, мусофирчиликдан зериккан кўплаб хоразмлик меҳнат мигрантлари қишлоғига қайтмоқда.Дейлик, Тупроққалъада 1792 нафарюртига қайтган фуқарони танлаган йўналиш бўйича қайта касбга ўқитиш ва ишга жойлаштиришга аллақачон киришилган.Вилоятда тадбиркорлик курсини битираётган 500 дан ортиқ ёшларга янги ишлар тақсимланади.
Хотима
Маълумки, 14 февраль куни «Миллий» телеканалида Ўзбекистон ва Туркиянинг “Bozdag film” компанияси томонидан суратга олинган «Мендирман, Жалолиддин» (аслида «Жалолиддин Хоразмшоҳ» деб номлаш жоиз) сериали премьерасининг илк фасли бўлиб ўтди. Тарихчилардан Жувайний, Рашидиддин ва бошқаларнинг ёзишича, сўнгги шаҳзода Жалолиддиннинг жасоратига қойил қолган Чингизхон ўз ўғилларига қарата “Отанинг фақат шундай ўғли бўлиши лозим. У оловли жанг майдонидан ўзини қутқариб, ҳалокатли гирдобдан нажот қирғоғига чиқдими, ундан ҳали улуғ ишлар ва қиёматли исёнлар келади», дейди ва унинг орқасидан таъқиб этишни тақиқлайди.
Бугун Ичанқалъадан Тупроққалъагача чўзилган маконда Жалолиддинлар авлоди яшайди. Бу авлодлар қони ва руҳида буюк Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, қолаверса, Комилжон Отаниёзов, Омон Матжонларнинг ушалмаган орзулари бўй кўрсатишига, Хоразм эли бир вақтлардагидек иқтисодда ҳам, маънавиятда ҳам довруғини тиклашига ишондик. Сабаби, кўҳна заминда яралган қадим «Авесто» ўлмас асари эзгу ғояларини Македонский Юнонистон, Рим ва бутун Европага ёйган, сўнг Маъмун академияси биринчи Ренессансга асос солган тупроқ бу!
Жалолиддин Мангуберди сўнгги жанги олдидан ўз ҳамроҳларига. «Ватанни, миллатини жонидан зиёда севганлар бу йўлда мухтордирлар. Роҳатини, саломатлигини ўйловчилар истаган ерларига кетишлари мумкин” деб айтган эди. Ҳар бир хоразмлик юртини ҳаддан зиёд севган, бегона масканларга кетиб қолмаган. Ҳа,Беруний, Хоразмий, Огаҳийларни етиштирган бу улуғ тупроқ яқин йилларда яна жаҳонга комил ўғлонлару қизларни улғайтиришига шубҳа қилмаймиз.
Бахтиёр ОМОНОВ,
адиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси