Электрон ҳукумат – жамият эркинлашуви омили

  • Asosiy
  • Электрон ҳукумат – жамият эркинлашуви омили

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев давлат ва жамият муносабатларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг таъсирчанлигини оширишнинг самарали механизм ва услубларини жорий этишга жиддий киришди. Ривожланган давлатларда бўлганидек, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашнинг самарадор механизмини яратиш, уларнинг фаровонлигини ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидан қаноатланиш даражасини янада оширишга қаратилган бундай катта миқёсдаги чора-тадбирлар республикамиз тарихида илк марта амалга оширила бошланди. мамлакатимизда 2017 йилнинг январидан бошлаб  барча ҳудудларда Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарини ташкил этиш орқали одамларнинг йиллар мобайнида тўпланган муаммолари,  дарди ва ташвишлари эшитилди, раҳбарлар халқ ичига олиб кирилди ва имкон қадар кўмак берилди.  Бунинг натижасида давлатимизнинг обрў-эътибори анча ошди. Биргина 2017 йил мобайнида 1,5 миллиондан ортиқ фуқароларимиз ўз оилалари  ва жамиятда йиғилиб қолган муаммолар юзасидан қабулхоналарга мурожаат этиб, долзарб  ва кундалик муаммоларини ҳал қилишга эришдилар.

Ўзбекистонда 2017 йилга келиб, давлат ва жамиятнинг ўзаро алоқасини мустаҳкамлаш, халқнинг интилиши ва эҳтиёжини таъминлаш учун ахборот коммуникация технологиялари (АКТ) тизимини  ривожлантиришга катта зарурат туғилди.  Жамият билан давлат муносабатида бу истиқболли соҳа етакчи роль ўйнай бошлади. Сўнгги йилларда  давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик кўзга ташланиб, турли алоқа ва ахборот хизматлари, оммавий ахборот воситалари (телевидение, радио, интернет, газета, журнал ва бошқалар) орқали ўз фаолияти ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни ошкора тарқатиши жараёнини кузатмоқдамиз. Давлат бошқарув органлари ва маҳаллий ҳокимиятларнинг жамият билан ўзаро муносабатларида “икки томонлама симметрик” хизмат моделидан фойдаланиш жамият учун ўзаро мақбул қарорларни қабул қилишга ёрдам бермоқда.

   Сиёсатшунослик илмига кўра, давлат хизматининг жамият билан ўзаро мулоқоти қуйидаги қоидаларга асосланади: жамиятни давлат сиёсати ҳақида хабардор қилиб борилиши, маълумотларни ҳар бир фуқарога етиб бориши; жамият билан муносабатлар жараёнидаги тадбирларнинг ранг-баранг бўлиши; маълумотларни тўғри ва тўлиқ етказилиши; жамият учун йўналтирилган маълумот содда ва тушунарли шаклда бўлиши;  мулоқот юқори этика даражасида ташкил этилиши. Ўзбекистонда 2017-2021 йилларда аҳолининг электрон ҳукумат тизими ёрдамида маҳаллий бошқарув фаолиятида иштирок этиши ҳукуматни бир гуруҳ кишилар қўлида бўлиб қолиш ва коррупциялашиш  имкониятини йўққа чиқармоқда. Фуқаролар ўзларининг янги  ғоя,  фикрларини бошқа фуқароларга зарар етказмаган, миллий хавфсизликка ёки жамоат тартибига хавф туғдирмаган ҳолда, оммавий тарзда ифода қилиш хуқуқларига эга бўлмоқда. “Электрон ҳукумат” деганда давлат ҳукумати органлари олдида турган вазифаларни ечиш усулларини ўзгартириш учун яратилаётган ахборот тузилмаси тушунилади. Масалан, давлат секторлари олдин ахборот технологияларини алоҳида департамент ва ташкилотларда ички фойдаланиш учун қўллаган бўлса, эндиликда ахборот технологиялари катта қимматга эга бўлиб, “тезкор, яхши, арзон, мурожаат этиш мумкин бўлган” тамойилларига асосланган ҳолда фаолият юритмоқда.

Давлат ва жамият тизимида модернизациялаш электрон ҳукуматга кўп томонлама боғлиқ жараён бўлиб,  давлат органлари фаолиятида аҳоли учун АКТни жорий этилиши  бараварида давлат бошқарувида янги имконият яратилади. Электрон ҳукумат икки муҳим вазифани бажаради: биринчиси, ҳукумат ва жамият ўртасидаги муносабатларни яхшилайди; иккинчиси, турли даражадаги давлат ташкилотлари (марказий, ҳудудий, маҳаллий) ва турли соҳалардаги (қонунчилик, ижро, суд ҳокимияти) идоралар ўртасидаги ички муносабатларни  мустаҳкамлайди. Чиндан ҳам, электрон ҳукумат  шаклланган 200 дан зиёд давлат хизматлари турлари ҳақидаги маълумот ва хизматларни  аҳолига, банк, бизнес ва давлат органлари шахобчаларига, идора ва ташкилот раҳбарларига етказиш, ахборот технологияларидан юқори даражада фойдаланиб, буюртмачи ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар масофасини қисқартириш вазифасини яхши адо этмоқда.

Бизга маълумки, давлат бошқарувида электрон ҳужжатнинг айланиши тизими бўлган Электрон ҳукумат мамлакат миқёсида барча бошқарув жараёнларини автоматлаштиришга асосланади. У давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида жамият аъзолари учун ижтимоий коммуникация тармоқларини ташкил этмоқда, жамият бошқарувининг умумдавлат тармоқланган ҳужжатларини бошқариш ва қайта ишлаш жараёнларига боғлиқ бир қатор масалалар мажмуасини шакллантирмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонининг давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган биринчи йўналишида мамлакатимизни модернизация қилишда “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш вазифаси аниқ белгилаб берилган эди. Демак, ҳукуматнинг мазкур тизимни  йўлга қўйишидан кўзланган мақсад: аҳоли ва тижоратга ҳукумат томонидан кўрсатилаётган хизматларни оптималлаштириш; барча сайловчиларнинг давлатни бошқариш ва раҳбарлик жараёнидаги иштироки даражасини ошириш; фуқароларнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш; фуқароларнинг технологик таъминланганлигини кўтариш; давлат бошқарувида сарф харажатларни камайтириш, сиёсий тизимнинг самарадорлигини ошириш ва рақобатбардошликни таъминлашдан иборат. Ушбу масалаларнинг ечими давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари  самарадорлигини ошириб,  уларга боғлиқ сарф-харажатларни 5-6 баравар камайтирибгина қолмасдан, жамият билан ҳукумат ўртасидаги ўзаро муносабатларни тубдан яхшиламоқда, десак муболаға бўлмайди. Бу, ўз навбатида, жамиятни сиёсий модернизациялашуви ва давлатимизнинг халқ олдидаги масъулиятини юқори поғонага кўтарилаётганидан дарак беради. Илмий таҳлиллар шундан далолат бермоқдаки, Ўзбекистонда 2015 йиллардан бошлаб электрон ҳукумат тизими шаклланиши натижасида давлат ва жамият муносабатларини мувофиқлаштириш, ўзаро электрон мулоқот ва келишувлар туфайли сиёсий қарама-қаршиликларни барҳам топтириш, ҳукуматга бўлган халқ норозилигини камайтириш имконияти  яратилди. Бу эса мустақиллик йилларида ижтимоий-сиёсий соҳада эришилган энг яхши ютуқларимиз сирасига киради.

Бизга маълумки, мамлакатимизда давлат ва жамият тузилмалари фаолиятида электрон ҳукумат учта  босқичда жорий этилди:

Биринчи босқичда АКТ воситаси давлат органлари ахборотларига ташкилот, корхона ва фуқароларнинг мурожаатини кўришни тезлаштирди ва аниқ манзилини белгилади.  Уни амалга ошириш учун давлат органлари ўз веб-сайтларини яратишди, сайтлар рейтинги эълон қилинди, уларга қонунчилик ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, керакли шакллар, статистик ва иқтисодий маълумотлар киритиб борилди. Бу босқичнинг асосий элементи маълумотларнинг тез янгиланиши ҳамда барча давлат ахборот ресурсларини жамлаб, “Ягона дарча” орқали мурожаатни таъминловчи давлат веб-порталининг мавжудлиги ҳисобланади.

Иккинчи босқичда давлат хизматлари (кўчмас мулк ва ер майдонларини рўйхатга олиш, солиқ декларацияларини тўлдириш, рухсатнома олиш учун аризалар бериш ва бошқалар) онлайн режимида тақдим этилди. Мазкур босқичга ўтиш бюрократик тўсиқларга барҳам берди, мураккаб жараёнлар соддалашди, ташкилот раҳбарлари билан бевосита мулоқотлар пайдо бўлди. Бу босқичда ҳукумат органларига электрон шаклда (e-servises)  “Ягона ойна” орқали ҳафтанинг 7 куни ва куннинг 24 соати мобайнида хизмат кўрсатиладиган бўлди.

Учинчи босқичда давлат сиёсатини ишлаб чиқишнинг жамики жараёнларида оддий фуқаролар ва фирмалар раҳбарларининг сиёсатчилар ва раҳбарлар билан интерактив муносабатлари таъминланди. Бу ишлар асосан веб-форумлар орқали амалга оширилиб, қонунчилик далолатномалари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, таклиф ва тавсиялар жамланиб, қизғин муҳокама этилди.

Сиёсатшунос ва иқтисодчи олимлар, соҳа мутахассислари электрон ҳукумат хизматини икки маънода талқин қилишади: биринчиси, янги ахборот технологиялари асосида давлат бошқарув фаолиятини такомиллаштириш ва аҳолига самарали хизмат кўрсатишни таъминлаш; иккинчиси, идоралар, ташкилотлараро муносабатлар усулини модернизациялаш (замонавийлаштириш), давлат бошқарувининг жамият билан ўзаро муносабатларини тўлиқ йўлга қўйишдир. Шу тариқа, давлат ва ҳукумат электрон воситалар ёрдамида аҳолига, бизнес-ташкилотларига самарали хизмат кўрсатади, вазирлик ва идоралар ўртасидаги муносабатлар такомиллашиб боради.

Ҳақиқатан ҳам,  Ўзбекистонда электрон ҳукумат тизими жамият модернизациялашувининг самарали кечишига яхши  хизмат қилмоқда. Жумладан, бу тизим аҳолига ва тадбиркорларга қулай, тезкор хизмат кўрсатиш; фуқароларнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жараёнлари изчиллигини ошириш; уларнинг технологик саводхонлик даражасини кўтариш; сайловчиларнинг  фаоллиги ва ижтимоийлашувини таъминлаш; фуқаролар географик жойлашуви таъсирини камайтириш; ҳудудлар аҳолиси сиёсий маданиятидаги фарқларни камайтириш сингари қўшимча имкониятларни яратиб бермоқда.

Хўш, бу тизим орқали биз нималарга эришдик? Маъмурий бошқарувнинг сарф-харажати камайди ва ижро ҳокимиятининг самарадорлиги анчагина кўринди; жамият ва ҳукумат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг мазмун- моҳияти ва шакли ижобий томонга ўзгарди; Демократик жараёнларни такомиллаштиришга кенг имкониятлар яратилди ва халқ олдида давлатнинг масъулияти, жавобгарлиги ошди.

Биз  мақоламиз сўнгида электрон ҳукумат тизимида ўз ечимини кутаётган айрим муаммоларни келтириб ўтмоқчимиз. Булар: ҳукумат ахборот тизимлари ўзаро мувофиқлигини, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг компьютер тармоғига кенг доирада кира олишини таъминлаш; давлат ахборот тизимлари интеграциясига эришиш; маълумотларга мурожаатларнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини яратиш; ахборот-маълумот тизимини ривожлантириш ва давлат хизматларини тақдим этиш жараёнида электрон коммуникацияни жорий этиш; олинган натижалар асосида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш.

Ҳаракатлар стратегияси –  миллий тараққиётнинг такомиллашган концептуал моделига айланиб улгурди. Бундай сиёсий модернизациялаш аслида анъанавий жамиятни замонавийлаштириш бўлиб, миллий ривожланишда бир қадам олға силжишни билдиради. Халқаро андозалар, жаҳон талабларига етиб олиш мақсадида Ўзбекистонда сиёсий модернизациянинг жадаллашган моделига ўтилди. Бизнинг назаримизда, давлат бошқарувида янгича ёндашув ва тамойилларни ишлаб чиқишга тараққиёт йўлимизнинг чуқур таҳлили, жаҳон бозори конъюнктурасининг кескин ўзгараётгани, глобаллашув шароитидаги тобора кучаяётган рақобат каби омиллар сабаб бўлди, албатта. Агар жиддий танишсангиз, ушбу тарихий ҳужжатда юртимизнинг салоҳият ва имконияти холис баҳоланиши билан бирга, хато ва камчиликларимиз танқидий таҳлил этилган.

Сиёсий ҳокимиятнинг  асл мақсади – юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш механизмларини мустаҳкамлашдир. Бундай кенг миқёсдаги  ислоҳотлардан  асл мақсад эса халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилишига эришишни кўзлайди.

Хулоса шуки,   электрон ҳукумат тизимимиз жамият эркинлашуви ва фуқароларимизнинг  ижтимоий фаоллигига  беназир хизмат қилмоқда.

Бахтиёр ОМОНОВ, Тошкент ахборот технологиялари университети профессори, сиёсий фанлар доктори

 

Манба: Халқ сўзи