Австрия давлатининг Клагенфурт шаҳрида 2021 йил 14-18 сентябр кунлари Европа иттифоқининг ЭРАСМУС+ дастури доирасидаги “Интеллектуал транспорт тизимлари: АКТга асосланган Ўзбекистон учун янги магистратура дастури / ИНТРАС” халқаро лойиҳасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда Польша давлатининг Гданск политехника университети, Словакия давлатининг Жилина университети, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Андижон машинасозлик институти, Жиззах политехника институти, Термиз давлат университети ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари ректори ва раҳбар ҳодимлари қатнашишди.
Йиғилиш давомида Тошкент ахборот технологиялари университети ректори ва бошқа университет вакиллари ўртасида келажакдаги ҳамкорлик юзасидан бир қатор учрашувлар ташкил этилди. Ҳусусан Польша давлатининг Гданск политехника университети, Словакия давлатининг Жилина университети вакиллари билан учрашувлар шулар жумласидандир.
Шу ўринда Клагенфурт университети рахбарияти – профессор Дорис Ҳаттенбергер хоним билан учрашув ўтказилди. Учрашувда икки университет ўртасидаги Ўзбекистон ва европа давлатларида тан олинадиган иккита диплом бериладиган магистратура дастури ҳамда қўшма докторантура дастури ҳақида келишувларга эришилди. Клагенфурт университети профессорлари билан ушбу дастурларни амалга ошириш механизмлари, ҳаммуаллифликда лойиҳалар ва мақолалар ёзиш масалалари келишиб олинди.
Клагенфурт университети ўқув биноси, лабораториялари ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабаларга яратилган шароитлар ўрганилди.
ИНТРАС лойиҳаси доирасида эришилган натижалар бўйича ўқув қўлланма ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу ўқув қўлланманинг тақдимоти ўтказилди. Ушбу ўқув қўлланмада ишлаб чиқилган силлабуслар, улар бўйича ҳамкор европа университетлари профессор ўқитувчилари томонидан тайёрланган йўриқномалар, лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро анжуманда чоп этилган мақолалардан бир нечтаси келтирилган.