Грузиянинг Тбилиси шаҳарларида бўлиб ўтадиган Олий таълим муассасалари ўртасида дастурлаш бўйича Жаҳон чемпионатининг МДҲ давлатлари ўртасидаги финал босқичи юзасидан маълумот.
2020 йилнинг 13 декабрь куни “World Finals ICPC 2020” дастурлаш бўйича Жаҳон чемпионатининг онлайн ярим финал босқичида Ўзбекистондан жами 38 та ва ТАТУнинг 10 та жамоалари иштирок этди. Ушбу мусобақанинг якуний натижаларига кўра университетнинг бир гуруҳ талабаларидан иборат “MathX” жамоаси 2021 йилнинг 3-4 апрель кунлари Россиянинг Санкт-Петербург, Латвиянинг Рига, Белоруссиянинг Минск ва Грузиянинг Тбилиси шаҳарларида бўлиб ўтадиган Олий таълим муассасалари ўртасида дастурлаш бўйича Жаҳон чемпионатининг МДҲ давлатлари ўртасидаги финал босқичида қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритдилар.
Жаҳон чемпионатининг финал босқичида қатнашиши учун Университет жамоасига 2021 йил 25 март куни мусобақанинг Тбилиси шаҳридаги ташкилий қўмитаси №0002 сонли хат билан таклифнома йўллаган.
Бутун дунёда авж олган мураккаб эпидемиологик ҳолатни инобатга олиб мазкур мусобақага Университетнинг MathX жамоасини юбориш бўйича имкониятлар ва шарт-шароитлар тахлил қилинди. Унга кўра жамоа аъзоларининг саломатликлари ва хавфсизликларини таъминлашнинг қуйидаги асослари кўриб чиқилди:
1. Мусобақанинг Тбилиси шаҳридаги ташкилий қўмитаси билан телефон орқали суҳбатлашилганда Грузиядаги эпидемиологик ҳолат ва мазкур давлатга кириб чиқиш тартиби тўғрисида https://stopcov.ge сайти орқали маълумот олиш ва унга кўра барча ташкилий ҳаракатларни амалга ошириш кераклиги ҳақида маълумот олинди. Тбилиси шаҳридаги ташкилий қўмита иштирокчиларнинг эпидемиологик ҳолат ва карантин тартиблари ва хавфсизлиги бўйича ҳеч қандай кафолатни ўз зиммасига олмаслигини маълум қилди. Ташкилий қўмитанинг эпидемиядан ҳимоялаш бўйича энг асосий ташкилий чораси бу – аэропортдан меҳмонхонагача ва меҳмонхонадан мусобақа ташкил этиладиган биногача транспорт воситасини таъминлаш сифатида айтилди.
2. https://stopcov.ge сайтидан олинган маълумотларга асосан Грузиядаги бугунги эпидемиологик ҳолат анча салбий ва ушбу мамлакатга ташриф буюрувчилар учун алоҳида эҳтиёт чораларини кўришни тақазо этади.
3. Мазкур сайтда чегарани кесиб ўтиш процедуралари (Border crossing procedures) қисмида 2021 йил 1 февралдан Грузияга хорижий давлатлардан кириш тартиби қуйидагича белгиланган:
• Барча давлатлардан Грузияга авиа қатновлар орқали келган чет эл фуқаролари вакцина олганликлари (2 та дозада) тўғрисида расмий тасдиқлов ҳужжатини тақдим этишлари шарт;
• Грузияга фуқаролари кириши мумкин бўлган 14 мамлакат рўйхатига Ўзбекистон киритилмаган.
Дастлаб мусобақада қатнашиш учун сафар харажатларини қоплашда университет томонидан барча шароитлар яратиб берилиши бўйича жамоанинг мурабийлари билан келишиб олинди.
Аммо, Грузиянинг Тбилиси шаҳрига киришдаги карантин коидалари ва у ердаги эпидемиологик ҳолат сабабли мусобақанинг финал босқичида иштирокини таъминлаш бўйича Университетнинг “MathX” жамоаси аъзолари билан мухокама ўтказилди. Эпидемиологик вазиятни инобатга олиб жамоа аъзолари ва уларнинг мураббийлари билан биргаликда тўғри англаган ҳолда келгуси йиллардаги мусобақаларда қатнашишга келишиб олинди.
Шу ўринда Университет талабаларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ва талабаларнинг ғояларини ўстириш учун шарт-шароитлар яратиб беришга доим тайёр эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Университет учун бугунги мураккаб кунларда энг устувор ва муҳим вазифалардан бири бу – профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг соғлигини сақлаш, ҳамда уларнинг саломатликлари учун кафолатланган таълим муҳитини таъминлаш ҳисобланади.
Грузияга кириш-чиқиш ва бу давлатдаги эпидемиологик вазият, ҳамда ўрнатилган тартиб-қоидалар ҳақида тўлиқ маълумотни https://stopcov.ge манзили орқали олиш мумкин.
ТАТУ Матбуот хизмати