Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали қошидаги “ўгай” лицей: ётоқхона таъмири чала, вояга етмаган ўқувчилар ижарада номли мақола хусусида
2022 йил 09 март куни Кун.уз сайтида ТАТУ Қарши филиали қошидаги “ўгай” лицей номли танқидий мақола эълон қилинган эди. Мақолада лицейнинг ётоқхонасининг таъмири чала, вояга етмаган ўқувчилар олис ҳудудлардан келиб таълим олиш билан бир қаторда ижарада яшаб келаётганлиги хусусида сўз борган эди. Ётоқхона лицей ҳовлисида жойлашган бўлиб,200 ўринга мўлжалланган. У ишга туширилса, ўқувчилар муассаса биносидан ташқарига чиқмаган ҳолда тахсил олиш имкониятига эга бўлишади. Лицейнинг таъмирлаш ишлари якунига етиши учун ТАТУ раҳбарияти ҳамда Қарши филиали томонидан тегишли ташкилотларга бир неча маротаба мурожаатлар қилиниб, жавоб хатлари олинган. Бугунги кунда лицейни таъмирлаш учун зарур маблағ вилоят халқ депутатлари кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқилиши режалаштирилган.Маҳаллий бюджетдан маблағ ажратишга розилик берилгач, пудратчи ташкилот томонида таъмирлаш ишлари тез фурсатда бошлаб юборилишига тайёр. Амалга оширилган ишлар юзасидан қуйида танишишингиз мумкин.
ТАТУ Қарши филиали академик лицейининг 200 ўринга мўлжалланган 3 қаватли “Ўқувчилар турар жойи”ни қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2019 йил 04 сентябрдаги Б-01-06/436-сонли йиғилиш баёни билан 2019-2020 йилларда маҳаллий бюджет маблағлари асосида “Насаф” махсус ихтисослаштирилган капитал қурилиш хусусий корхонаси томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга ошириш белгиланган.
Мазкур ишларни амалга ошириш бўйича Қашқадарё вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси ва “Насаф” махсус ихтисослаштирилган капитал қурилиш хусусий корхонаси томонидан 2019 йил 8 октябрдаги 376-сон пудрат шартномаси имзоланган.
Шартномага асосан қурилиш-таъмирлаш ишларининг қиймати 1866,195 млн. сўм деб белгиланган бўлиб, маҳаллий бюджет томонидан қурилиш таъмирлаш ишларига аванс сифатида 878,16 млн. сўм маблағ ажратилган. Қолган маблағ пудрат шартномасига кўра “-молиялаштирувчи орган томонидан молиялаштирилгандан сўнг қўшимча келишув орқали расмийлаштириб молиялаштириб берилади.” деб белгиланган.
Пудратчи ташкилот томонидан 924,182 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилганлиги ҳақидаги ҳисоботи қабул қилинган ва маҳаллий бюджетдан ажратилган 878,16 млн.сўм маблағ пудратчи ташкилотга тўлаб берилган (2021 йил 28 сентябрдаги 1877-сон инжиниринг компанияси хати).
Пудрат шартномасига кўра, қурилиш-таъмирлаш ишлари 2019 йилнинг
7-декабрида тўлиқ якунланиши белгиланган. Аммо қурилиш-таъмирлаш учун зарур маблағнинг қолган қисми маҳаллий бюджетдан ажратилмаганлиги сабабли ишлар тўхтаб қолган.
ТАТУ Қарши филиали ва академик лицей томонидан тегишли ташкилотларга мурожаатлар қилинган (Қашқадарё вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси директорига 24.09.2021 йил, 72-сон; Қашқадарё вилояти Молия бошқармасига 16.12.2021 й., 97-сон; Халқ депутатлари вилоят кенгаши котибияти мудирига 14.12.2021 йил, 95-сон хати).
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги инжиниринг компанияси директори томонидан вилоят ҳокимининг қурилиш масалалари буйича ўринбосарига ҳам бу масала бўйича бир неча марта мурожаат қилинган (30.12.2021 йилдаги №2705, 10.02.2022 йилдаги № 183 сонли хат).