Жанубий Кореянинг КОICА агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳанинг тақдимот тадбири ўтказилди

  • Home
  • Жанубий Кореянинг КОICА агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳанинг тақдимот тадбири ўтказилди

Жорий йил 7-май куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг Самарқанд филиалида Жанубий Корея Республикасининг КОICА агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган “Маълумот  маркази” - намунавий маъруза хоналари ва компьютер синфлари, шунингдек ишлаб чиқилган ахборот тизимларининг тақдимотига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Ж.Эгамбердиев ҳамда меҳмон сифатида Корея Республикасининг КОICА агентлиги директори Сунжин Парк хоним бошчилигидаги вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017-йил 22-25-ноябр кунлари Корея Республикасига қилган расмий ташрифи доирасида 2018-2019-йилларда ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича ўзаро англашинув меморандуми имзоланган. Ушбу меморандумда назарда тутилган 2018-2019-йилларда ҳамкорлик дастурига Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети учун интегратсиялашган университет тизимини ташкил этиш ва тақдим этиш грант лойиҳаси ҳам киритилган.

Ўзбекистон Республикаси ва Жанубий Корея давлатлари стратегик ҳамкор бўлиб, икки давлат ўртасидаги дўстона ҳамкорлик ришталари кундан-кунга мустаҳкамланиб бормоқда. Бу ҳамкорлик алоқалари иқтисодиётнинг илғор соҳаларида, жумладан, таълим ва ахборот коммуникация технологиялари соҳаларида ҳам ўз аксини топмоқда.

Таълим йўналишида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида Жанубий Кореялик ҳамкорлар билан амалга оширилаётган турли лойиҳалар бунга мисол бўла олади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, АКТ соҳасида таълим йўналишини ривожлантириш бўйича Жанубий Кореянинг КОICА агентлиги билан амалга ошираётган лойиҳалар ва Агентлик томонидан ажратилаётган беғараз кўмак маблағлари Республикамизда АКТ таълим тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг Самарқанд филиалида амалга оширилаётган “Интеграциялашган университет ахборот тизимини ташкил этиш ва тақдим этиш” лойиҳаси ана шундай лойиҳалардан бири бу ҳисобланади.

Мазкур грант лойиҳаси доирасида етказиб берилган қурилмалар университетнинг инфраструктурасини ривожлантиришга ҳисса қўшса, Жанубий Кореялик ҳамкорлар томонидан ишлаб чиқилган таʼлим жараёнини бошқариш ахборот тизими ва онлайн ҳизматлар портали университетнинг таʼлим хизматлари сифатининг ошишига ўз ҳиссасини қўшади.

Шу ўринда бутун дунёда авж олган Ковид-19 билан боғлиқ эпидемиологик вазият кўплаб лойиҳаларни амалга оширилиши ва муваффақиятли якунланишига ўз таъсирини ўтказмоқда. Бироқ, эпидемиологик вазиятларни тўғри баҳолаб мазкур лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши икки карра ютуқ деб ҳисоблаш мумкин.

 

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети

Халқаро ҳамкорлик бўлими