Ижтимоий тармоқларда “ТАТУ масъулларининг хатоси туфайли талабалар бўлиб ўтган якунийлардан университет ҳисобига 300 млн. сўмдан ортиқ пул тўлаши мумкин”лиги ҳақидаги эътирозли хабар юзасидан Раддия

  • Главная
  • Ижтимоий тармоқларда “ТАТУ масъулларининг хатоси туфайли талабалар бўлиб ўтган якунийлардан университет ҳисобига 300 млн. сўмдан ортиқ пул тўлаши мумкин”лиги ҳақидаги эътирозли хабар юзасидан Раддия

#ТАТУ
#Раддия

⚡️Ижтимоий тармоқларда “ТАТУ масъулларининг хатоси туфайли талабалар бўлиб ўтган якунийлардан университет ҳисобига 300 млн. сўмдан ортиқ пул тўлаши мумкин”лиги ҳақидаги эътирозли хабар юзасидан Раддия

🏛Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг худудий филиалларида 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ўқитишнинг кредит модуль тизими жорий этилган. Ҳозирги кунда барча босқич талабалари таълимнинг кредит тизимида таҳсил олиб келмоқда. Университетда ўқув жараёни ва назоратларни ташкил этиш учун “lms.tuit.uz” тизими жорий этилган бўлиб, бунда инсон омили иштирок этмайди. Ушбу тизим 4 йил давомида университетимизда тўлақонли синовдан ўтган ва бундай ҳолатлар кузатилмаган. Ўтган давр мобайнида ўн минглаб талаба мазкур даргоҳни тамомлаб, жамиятимизда ўз ўрнига эга кадрлар сифатида фаолият юритиб келишмоқда.

✅Ижтимоий тармоқларда “қўшимча тўлов қилиш”, “ТАТУ масъулларининг хатоси туфайли талабалар бўлиб ўтган якунийлардан йиқилиши”, “амалдаги тизим хато” дея талқин қилинган асоссиз хабарлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.
Аввало универститетда якуний назоратлар ҳозирда ҳам давом этмоқда. Назорат ишлари натижасидан қониқмаган тақдирда талабалар аппеляцияга бериш мумкинлигини эслатиб ўтамиз. Шу ўринда, қайта ўқиш учун тўлов қийматларига назорат ишлари ва аппеляция натижалари тугаллангандан сўнг аниқлик киритилишини маълум қиламиз. Бунда фанлардан қайта ўқиш учун тўлов миқдори талабанинг бир йиллик тўлов шартнома миқдорининг 1 кредитга (1 кредит тўлов миқдори контракт миқдорини 60га бўлинган нисбати) нисбатидан ва фанга ажратилган кредит миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

✅Юқоридагилардан келиб чиқиб, хабарда “талабалар бугун бўлиб ўтган якунийлардан университет ҳисобига 300 млн сўмдан ортиқ пул тўлаши мумкинлиги” ҳақидаги фикр мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ўз ўрнида, университет рахбарияти ташаббуси билан талабалар учун кўпчилик олийгоҳларда мавжуд бўлмаган бир қатор шароитлар ва имтиёзлар яратилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

✅Жумладан, фанлардан етарли балл тўплай олмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар (чин етимлар ва боқувчиси йўқлар, имконияти чекланган, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га кирган, ногиронлиги мавжуд талабалар, марҳум харбийлар фарзандлари) учун қайта ўқиш бепул этиб белгиланганлиги ва улар бу имтиёзлардан мунтазам фойдаланиб келаётганлигини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.
Бундан ташқари, хабарда билдирилган “университет масъулларининг хатоси талабаларнинг бўлиб ўтган якунийлардан йиқилишига сабаб бўлганлиги” ҳақидаги фикр юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

✅Университетда тасдиқланган ўқув жадвалига кўра, 2022 йил 2 февраль куни соат 11:00да 2-босқич талабаларига “Дискрет тузилмалар” фанидан онлайн режимда 1400 нафарга яқин талабаларга якуний назорат иши ўтказилди. Иштирок этганлардан 50 фоиз талаба баҳолаш меъзонларида белгиланган ўтиш балларини тўплаб муваффақиятли ўтган (ушбу рўйхатдаги 300 га яқин талабалар аъло ва яхши баҳолар билан, қолган 300 дан ортиғи ҳам керакли баллар тўплаган). Қолган талабалар орасидан 72 нафарида эса “lms.tuit.uz” тизимида кузатилган қисқа техник носозлик сабабли саволлар вариантларини генерациялаш жараёнида бузилиш юз берди.
Мавжуд техник носозликни бартараф этиш юзасидан зудлик билан университетнинг телеграм тармоғидаги расмий каналлари (TATU|Rasmiy kanali ва Credit System of TUIT ) орқали маълум қилинган.

✅Университет маъмурияти мазкур ҳолат бўйича мурожаат қилган талабалар учун қайта якуний назорат олинишини маълум қилади.
Шуни ҳам эслатиб ўтамизки, якуний назоратларда тушган саволларга эътироз билдирган талабаларга “lms.tuit.uz” тизимида апелляция тартибида қайта кўриш учун ариза бериш имконияти яратилган.
Апелляция жараёнлари 2-босқич талабалари учун барча имтиҳонлар якунлангандан сўнг ўтказилиши ҳақида университет расмий каналида ҳам хабар берилган.

📌Хулоса ўрнида, азиз талабалар ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига мурожаат қилиб, таълим жараёнлари билан боғлиқ барча савол ва муаммолар мавжуд бўлганда бевосита ректор виртуал қабулхонасига онлайн мурожаат қилишингиз мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

✅Бизнинг даргоҳ республикадаги нуфузли университетлардан бири сифатида ўз ўрнига эгалиги, бунда профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг меҳнати беқиёс эканлигини қадрлашингизни сўраб қоламиз.